Энг намунали хотин-қизлар фаоли аниқланди

Амударё туманида хотин-қизлар фаоллари ўртасида «Энг намунали хотин-қизлар фаоли» республика танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Хотин-қизлар фаоллари фаолиятидаги янгича ёндашувларни оммалаштириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ташаббускорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда туман бўйича жами 49 та маҳалла хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.
Танловда иштирокчилар ўз ҳудудларида амалга оширган ишлари бўйича ҳужжатлар тўплами ва видеотақдимотларини тақдим этди.



Ҳакамлар ҳайъати уларнинг жамиятдаги фаол иштироки, янги ташаббуслари, ҳудудларидаги муаммоларни ҳал этиш борасида олиб борган ишларини инобатга олиб, энг намунали хотин-қизлар фаолларини баҳолаб борди.
Натижада «Оқ олтин» овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Моҳира Якубова биринчи, «Дурунки» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Феруза Аллабергенова иккинчи, «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Дилдора Абдураҳмонова учинчи ўринни эгаллади.
– «Оқ олтин» овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Моҳира Якубова хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда соғлом муҳитни таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, ижтимоий низоларни бартараф этиш ва ёшлар тарбияси соҳасида самарали фаолият олиб бормоқда, – дейди Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўззал Собирова. – Бундай фидойиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамиятимиз тараққиётининг таянчидир.
– Бу ютуқ нафақат менинг, балки оилам, яқинларим ва маҳалламизда мен билан елкама-елка меҳнат қилаётган фидойи жамоамизнинг меҳнатлари самарасидир, – дейди М.Ёқубова.
Аҳамиятлиси, М.Якубованинг саъй-ҳаракатлари туфайли 100 га яқин ишсиз хотин-қизлар қобилиятига қараб тадбиркорликка, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. Шунингдек, хорижда ишлаб юрган 14 нафар аёлдан 6 нафари ташқи миграциядан қайтарилди. «Аёллар дафтари»га «Маҳалла еттилиги» қарори билан киритилган 174 нафар аёлнинг 120 нафардан ортиғига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Оғир аҳволга тушиб қолган 12 нафар, зўравонликка учраган 5 нафар, жазони ўташ жойларидан қайтган 7 нафар аёлнинг муаммолари «Маҳалла еттилиги» ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўз ечимини топди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги