Аҳоли фаровонлигини таъминлаш устувор вазифа

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Тўрткўл туманидаги қатор ижтимоий объектлар, шунингдек, тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Республикамиз раҳбари дастлаб Янгиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Лочин чорва комплекси» фермер хўжалигининг узумчиликни ривожлантириш, Баҳор МФЙда яшовчи Отажон Уразимбетовнинг иссиқхонасида банан етиштириш ишларини кўздан кечирди.
Учрашувда экин майдонини мўл даромад манбаига айлантириб, яхши натижа кўрсатаётган бундай заҳматкаш инсонларнинг ишлари кўпчиликка ибрат бўлиши кераклиги таъкидланди.
Шундан сўнг Яшнаобод МФЙдаги 44-сонли мактабда ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ташкил этиш бўйича йўлга қўйилган ишлар ўрганилиб, республикамиздаги мактабларда ҳам жадвалдаги дарслар билан бирга касб-ҳунарга йўналтириш ишлари ҳам бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Сўнгра Зиёкор қишлоғида Президентимиз топшириғи билан ҳомийлик ҳисобидан қурилаётган, 660 ўринга мўлжалланган янги мактаб, Шодлик МФЙда янги қурилаётган «Отажон Худойшукуров» номидаги амфитеатр, «ЭВРО-АЗИА» МЧЖ томонидан янги қурилаётган 119 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши кўздан кечирилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шундан сўнг «Тўрткўл шиша идишлари» МЧЖ ва Нурота ҚФЙдаги «Дунё мед строй» МЧЖга қарашли янгидан ишга тушиш арафасида турган клиникада бўлиб, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бизнесини ривожлантириш учун яқиндан ёрдам бериш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берди.
Ўрганишлар якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев томонидан Тўрткўл туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказилди.


Йиғилишда тегишли идора-ташкилот раҳбарлари ва ҳудуд фаоллари иштирок этди.
Бунда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, бундан олдинги йиғилишда мутасаддиларга берилган топшириқлар ижроси масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилгани билан, айрим жойларда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти.
Хусусан, маҳаллалардаги ишларнинг амалда бажарилиши, ободонлаштириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг талаб даражасида эмаслиги танқид қилиниб, мутасаддилар огоҳлантирилди, айримларига интизомий жазо чораси қўллаш бўйича топшириқлар берилди.
Ўтказилган йиғилиш давомида тез фурсат ичида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди ва ўз ишини бажаришга совуққонлик билан қараётган масъулларга интизомий жазо чорасини қўллаш, зарур бўлса лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги