ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакиллари ХДПда бўлди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, аҳоли манфаатларини ифодалашдаги ўрни, сиёсий жараёнлардаги иштироки ҳамда парламентдаги фаолияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, партия томонидан олиб борилаётган лойиҳалар, сайловлардаги иштироки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган дастурий саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг тегишли ҳисоботида келтирилган таҳлиллар ва таклифлар демократик жараёнларни жадаллаштиришда ўзига хос аҳамиятга эга эканини қайд этди.


ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов департаменти бошлиғи ўринбосари У.Aхундлу учрашув учун миннатдорлик билдириб, сиёсий жараёнларда умумэътироф этилган меъёр ва қоидаларни жорий этиб бориш муҳимлиги ҳақида фикрларини билдирди. Сиёсий жараёнларга халқаро андозалар асосида ёндашиш, сайлов амалиётида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, барча сиёсий партиялар учун тенг шароитлар яратиш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
М.Комилова. ЎзА