Янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона марказида ўтказилган тадбирда Наржан Атабаеванинг «Муҳаббат меҳргиёси» номли янги китоби тақдимотига бағишланган тадбирда талаба-ёшлар, адабиёт ихлосмандлари йиғилди.
Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бахтли Сарибаев, «Авангард» нашриёти муҳаррири Нодира Қайипбергенова ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшлар маънавиятини юксалтиришда китобхонлик маданиятининг ўрни ва аҳамиятини, халқимизни китобхон миллатга айлантириш йўлида мамлакатимизда зарур барча чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Тўрт қиссадан иборат китобда оналик, фарзандлик, дўстлик, қариндошлик ришталари, туғилган ерга, халқига ва ёрга бўлган меҳр-муҳаббат туйғулари тараннум этилади. Ҳаётий воқеалардан олинган асарлар китобнинг жозибадорлиги ва ҳаётийлигини таъминлаб берган. «Шаҳзода Малик, навкар Садир ва Ўғлимхон сўқчининг боласи,» «Qatsha,» «Ўғилнабот,» «Муҳаббат меҳргиёси» қиссалари бугунги кун ёшларига ибрат бўладиган эзгу туйғулар ва фазилатларни улуғлайди.
Автор ўз қаҳрамонларини яхши ёки ёмон, деб ажратмайди. Ўқувчи китобни ўқиб ўтириб фикрлайди, таҳлил қилади, қаҳрамонлар атрофида юз бераётган воқеаларни жонли тасвирларда кўради ва охирида ўзи хулоса чиқаради.
Муаллифнинг қисса ва ҳикояларидан иборат «Бу – Муҳаббат эди…,» «Гулларнинг бир донаси,» «Кузги марафон» китоблари ўтган йиллар давомида кўплаб китобхонлар қалбидан жой олди.
– Мазкур кутубхонада 2-12 сентябрь кунлари «Китоб ва китобхонлар ҳафталиги» ўтказилмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси факультети талабаси Назира Ёқуббоева. – Ҳафталик сабаб янги нашрдан чиққан китоблар билан танишиб, санъат, маданият ва спорт соҳалари вакиллари билан учрашиш бахтига муяссар бўляпмиз.

Тақдимот давомида Н.Атабаеванинг ижодий йўли ва янги китоби ҳақида кенг маълумот берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги