Мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун қўшимча ўринлар сони ортмоқда

117

Ўзбекистонда таълим тизимининг барча йўналишлари, айниқса, мактабгача таълим соҳасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ҳаракатлар, бир томондан, ёш авлоднинг интеллектуал ва ижтимоий ривожланишини таъминлашга хизмат қилса, бошқа томондан жамиятда сифатли турмуш тарзини шакллантиришга замин яратмоқда.

Халқаро тажрибалар шуни кўрсатадики, боланинг илк ёшларида олган таълими унинг кейинги ҳаёти ва касбий фаолиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис, мактабгача таълимга сармоя киритиш нафақат таълимга, балки мамлакат келажагига йўналтирилган узоқ муддатли стратегик қарор ҳисобланади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакат бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларида 33 минг 705 та янги қўшимча ўрин фойдаланишга топширилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 16,5 фоизга ошган бўлиб, тизимда босқичма-босқич амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасини яққол намоён қилмоқда. Қолаверса, яратилган қўшимча ўринларнинг 10 минг 410 таси шаҳарларда, 23 минг 295 таси эса қишлоқ жойларда экани мактабгача таълимни ҳудудлар бўйича мувозанатли ривожлантиришга бўлган эътиборни акс эттиради.

Бу рақамлар ортида нафақат бинолар сонининг ошгани, балки таълим сифати, педагогик кадрлар тайёрлаш, оилаларнинг таълимга бўлган ишончини мустаҳкамлаш каби муҳим омиллар ётади. Зеро, мактабгача таълим муассасаларининг мавжудлиги уларнинг сифатли фаолият юритишини кафолатламайди. Асосий масала – мавжуд имкониятлардан максимал даражада самарали фойдаланиш, болаларнинг индивидуал эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА