Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги: мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмоқда

Бугун Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ташаббуси билан Шанхай Халқаро тадқиқот институти (ШХТИ) кўмагида “Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги: “Марказий Осиё – Хитой Халқ Республикаси” ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти форматларидаги имкониятлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилади.
Учрашувда икки мамлакат дипломатик корпус вакиллари, шунингдек етакчи таҳлилий марказлари, олий таълим муассасалари вакилларининг иштироки кутиляпти.
Ушбу тадбир томонларга икки платформа доирасидаги стратегик ҳамкорликни атрофлича таҳлил қилиш имконини беради. Муҳокамалар чоғида Остона ва Тяньцзинда ўтказилган саммитлар натижаси, мазкур анжуманларнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш жараёнига таъсири ўрганилади.
Мулоқот доирасида иштирокчилар сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболини кўриб чиқадилар. Мунозаралар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, эксперт гуруҳларини ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда барқарор ўсиш механизмини такомиллаштириш каби муҳим масалаларни қамраб олади.
Тадбир якунида МОХИ ва ШХТИ ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришни назарда тутувчи Меморандум имзоланиши режалаштирилган.
Ғ.Хонназаров, ЎзА