Депутат ҳудуд аҳолиси билан учрашди

98

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ахмед Реймов ўзи сайланган ҳудуддаги «Боғчилик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув аҳолининг ҳаётий муаммолари ва таклифларини эшитиш, жойларда мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўриш мақсадида ташкил этилди.

Маҳаллада бўлиб ўтган учрашувда депутат аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқаролар муаммоларини жойида ўрганиш ва уларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Тадбир давомида ёшларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар депутат томонидан  рўйхатга олинди. Айрим масалалар бўйича масъуллар уша жойнинг ўзида мулоқотга чиқариб, уларни ҳал этишнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди. Жумладан, айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича аниқ режалаштирилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.



Ахмед Реймов учрашув якунида, депутатлик фаолиятининг энг асосий вазифаси – халқнинг дарди ва муаммосига бефарқ бўлмаслик, уларни жойида тинглаб, ечим топишга кўмаклашишдир. Бугунги учрашувда илгари сурилган барча масалалар албатта ўрганилиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳал этилиши таъминланади, – деди у.

Тадбир якунида маҳалла фаоллари ва нуронийлар депутатга ўз миннатдорлигини билдириб, бундай учрашувлар аҳолининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириши, маҳаллаларда ижтимоий фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

                                                                    Қорақалпоғистон ахборот агентлиги