Аккредитация қилинган журналист қандай ҳуқуқларга эга?

Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, журналист давлат органи, жамоат бирлашмаси ва ташкилот ҳузурида аккредитация қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг журналисти хорижий давлатда аккредитация қилинади.
Чет эл журналисти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилиниши мумкин.

Аккредитация қилинган журналист ҳуқуқлари хусусида Юридик клиника раҳбари Отабек Нарзиев қуйидагиларни маълум қилди:
–»Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 11-моддасига кўра, аккредитация қилинган журналистлар бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиши, аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириши мумкин бўлади.
Очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиши, аккредитация қилувчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш, оммавий тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ҳамда улардан кўчирма нусхалар олиши ҳам мумкин.
Шунингдек, олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда фойдаланиши мумкин. Аккредитация қилинган журналист қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА