Сенаторлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди

92

Олий Мажлис Сенатида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг жорий йилги биринчи очиқ стипендия танловида муваффақият қозонган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Бул ҳақида senat.uz хабар бермоқда.

«Учрашувда сенаторлар ғолиб ёшларни табриклаб, уларнинг билим олиш, хорижий тилларни пухта эгаллаш, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш йўлидаги интилишлари мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 19 миллиондан ортиқни ташкил этиб, улар умумий аҳолининг қарийб 60 фоизини қамраб олган. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан зиёд йигит-қизлар кириб келмоқда. Шу боис ёшларни қўллаб-қувватлаш стратегик аҳамият касб этади. Бу йўналишда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган 100 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилингани таъкидланди.

Учрашувда ёшларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касбларни эгаллашлари учун яратилган имкониятлар ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда таълим олиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.


Таъкидланганидек, нуфузли халқаро таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар юртимизнинг муносиб элчилари сифатида юксак маданият ва маънавиятни намоён қилиши, ўз соҳасида етук мутахассисга айланиб, келажакда Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши зарур», делинади хабарда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги