Ўзбекистон ва Туркия: таълим, маданият, волонтёрлик ва ёшларни қўллаш бўйича қўшма ташаббуслар амалга оширилмоқда

100

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раислари Орзигул Козихонова ва Алишер Агзамхўжаев Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари, партиянинг туркий давлатлар билан ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Куршад Зорлу бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, ёшлар сиёсати ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати халқаро майдонда давлатимизни ишончли ҳамкор сифатида танитишга хизмат қилмоқда. Минтақавий барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва халқаро шерикликни кенгайтириш ушбу сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ёшлар масалалари бўйича изчил ва самарали ҳамкорлик шаклланмоқда. Таълим, маданият, волонтёрлик ва ёшлар лойиҳалари йўналишларида қўшма ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашувда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, “Ёшлар дафтари” тизими орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, олий таълимдаги ютуқлар хусусида фикр юритилди.

Н.Абдураимова,

Р.Назарматов (сурат),

ЎзА