Ўзбекистон ва Малайзия: савдо-иқтисодий, инвестиция, таълим, туризм бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади

112

Олий Мажлис Сенатига Малайзия Сенати Раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳамад бошчилигидаги парламент делегацияси ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги дўстона муносабатлар, кўп қиррали ҳамкорлик ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мунтазам мулоқот ва қонунчилик соҳасида тажриба алмашишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Парламентлараро дўстлик гуруҳларининг мулоқотини фаоллаштириш ва доимий йиғилишларни ўтказиш, унда давлат раҳбарлари ва ҳукуматлараро эришилган келишувлар ижроси юзасидан таъсирчан парламент назоратини кучайтириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, доимий мулоқот ва йиғилишларни ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Икки халқ ўртасида умумий тарих, дин, урф-одатлар ва қадриятларга асосланган азалий ришталар мавжудлиги таъкидланди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга мустаҳкам пойдевор бўлаётгани қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, таълим,  туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Малайзиянинг етакчи таълим муассасалари билан қўшма дастурлар йўлга қўйиш, таълим форумларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Ислом ва маданият соҳаларида тадқиқотлар борасидаги ҳамкорлик, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академиясининг Малайзия илмий муассасалари билан алоқалари ижобий баҳоланди. Малайзияда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар парламентлараро муносабатларни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА