“Grand Swiss-2025”: 8 соатлик баҳсда Абдусатторов 14 ёшли шахматчи билан дурангга эришди

119

Дунё шахмат ишқибозлари диққат эътиборини Самарқандга қаратган “Grand Swiss-2025”нинг 5-турига Нодирбек Абдусатторов ва туркиялик Ягиз Каан Эрдогмуш қарама-қаршилигидаги ўйинда собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновнинг рамзий дона суриши билан старт берилди.

Кеча ўтказилган мазкур турда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳаракатланган бўлса-да, туркиялик ёш шахматчидан устун кела олмади.

8 соатдан узоқроқ давом этган баҳснинг 114-юриш ҳолатида битта пиёда устунлигига эришган Абдусатторовда ғалаба қилиш имконияти бор эди. Бироқ ФИДЕ тарихида тўртинчи энг ёш гроссмейстер номига эришган 14 ёшли туркиялик шахматчи ҳужумкор позицияга ўтиб олганлиги натижасида учрашув дуранг билан якунланди.

Ушбу турда шахматчиларимиздан Жавоҳир Синдоров ва Жаҳонгир Воҳидов эркаклар гуруҳида дона сураётган 2 нафар аёл шахматчи – россиялик Александра Горячкинани ва ҳиндистонлик Дивя Дешмухни, Абдумалик Абдусалимов озарбайжонлик Муҳаммад Муродлини мағлуб этди.

Турнирда қатнашаётган шахматчиларимиздан Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров рақиблари билан дурангга эришди.

Аёллар ўртасидаги мусобақада Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова қора доналарда, Гулруҳбегим Тоҳиржонова оқ доналарда рақибларидан устунликка эришди. Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова эса рақиблари билан муроса йўлини танлади.

Бугун, 6-тур ўйинлари остонасида эронлик Парҳам Магсудлу 4,5 очко билан якка пешқадамликни давом эттирмоқда. Эронлик шахматчи кеча ўтган 5-тур учрашувида қора доналарда венгриялик Ричард Раппортни енгди.

Мазкур турда жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш АҚШ вакили Абҳиманю Мишрадан мағлуб бўлган вазиятда, турнирнинг биринчи рақамли иштирокчиси сифатида таснифланган Рамешбабу Праггнанандха оқ доналарда ҳаракатланган германиялик Маттхиас Блуебаумга таслим бўлди.

6-тур ўйинлари арафасида Парҳам Магсудлу 4,5 очко билан етакчилик қилаётган ҳолатда 4 нафар иштирокчи 4 очко билан кейинги ўринларни банд этиб турибди. 11 нафар иштирокчи ҳисобида 3,5 очко мавжуд. Улар қаторида Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам бор.

Бугун ўтадиган 6-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ўзи сингари 3,5 очкога эга исроиллик Махим Родштейн билан, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда ҳиндистонлик Пранав билан куч синашади.

Шахматчи қизларимиздан Афруза Ҳамдамова қозоғистонлик Бибисора Асоубаева билан, Гулдона Каримова украиналик Мария Музичук билан беллашади.

Хотин-қизлар гуруҳида озарбайжонлик Улия Фаталиева, ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу, россиялик Катерина Лагно, германиялик Динара Вагнер 4 очко билан етакчилик қилмоқда. Ҳамюртларимиздан  Афруза Ҳамдамова 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 10-ўринни, Мадинабону Халилова ва Гулдона Каримова 3 очко билан 56 нафар иштирокчи орасида 13-15-поғоналарни банд этиб турибди.

Мусобақалар 15 сентябрга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА