Зўравонлик қилган шахсларга қурол олиш ҳуқуқини бермаслик назарда тутилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси қизғин муҳокама қилинди.
Шундан сўнг депутатлар хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда совуқ қуролни ноқонуний равишда жамоат жойларида олиб юриш ҳолатлари кескин кўпайиб, бу ҳолат жамоат хавфсизлиги, фуқароларнинг тинч ҳаёти ва ҳуқуқий тартиботга таҳдид солмоқда. Ушбу қонун лойиҳасида бу каби ҳуқуқбузарликларни такроран содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари қатъийлаштирилмоқда.

Оилавий тазйиқ ва зўравонлик жиноятини содир этган шахсларга қурол олиш ҳуқуқини бермаслик ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларда мавжуд қуролларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча олиб қўйиш тартибини жорий этиш белгиланяпти.
Таклиф этилаётган яна бир муҳим ўзгариш наркологик касалликка чалинган шахсларни даволаш тартиби билан боғлиқ бўлиб, лойиҳада бир марта маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ҳам суд қарори билан даволашга юборилиши мумкинлиги назарда тутиляпти.

Муҳокамаларда фракция аъзолари лойиҳани такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини янада ҳимоялашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА