Халқаро майдонда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муваффақиятли йўли эътироф этилмоқда

Муносабат
Кейинги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсатида очиқлик ва фаол мулоқот асосий устувор йўналишга айланди. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига тобора кенгроқ интеграция қилинаётгани барча соҳадаги ютуқларда яққол намоён бўлмоқда. Бу жараёнда Европа Иттифоқи мамлакатлари, жумладан, Италия билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.
Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида 2025 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони юзма-юз ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Учрашув икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.
Музокаралар натижасида савдо-иқтисодий муносабатлар кенгайди, қўшма лойиҳалар амалга оширилди, технология ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик кучайди.
Мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижалари хусусида Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Пиер Габриеле Пападиа де Боттини билан суҳбатлашдик.

– Ўзбекистон минтақавий ва халқаро даражада муҳим аҳамиятга эга давлатга айланиб бормоқда. Дунёнинг кўплаб нуқталарида беқарорлик кузатилаётган бир даврда Ўзбекистон ривожланиш йўлидан изчил бормоқда. Бугун юртингиздаги ислоҳотлар жараёни ўзбек халқи ҳаётига қандай сезиларли таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўляпмиз, – деди Пиер Габриеле Пападиа де Боттини. – Биргина мисол, бу йил Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу келишувга эришилгани Марказий Осиё барқарорлигига рахна солиши мумкин бўлган долзарб муаммолардан бири ҳал этилганини англатади. Ўзбекистон етакчиси ўттиз йилдан буён ечилмай келган мураккаб масала – чегараларни белгилаш жараёнида минтақани барқарорлаштиришда катта ижобий роль ўйнади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ўзининг кўп векторли ташқи сиёсати билан катта натижаларга эришмоқда. Умуман олганда, юртингизнинг Осиё марказидаги стратегик жойлашуви туфайли у нафақат сўнгги йилларда, балки асрлар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубда турли ҳамкорлар билан самарали мулоқот олиб бориш қобилиятини шакллантириб келган. Бу эса дипломатия санъати нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўзига хос намунага айланганини англатади.
Италия дунёга юз тутаётган, доимо тинчлик тарафдори бўлган мамлакат билан муносабатларни мустаҳкамлаб бораётганидан мамнун. Биласиз, Италия ва Ўзбекистон бугунги кунда сиёсий мулоқотдан тортиб, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Расмий Рим президентингизнинг шаффофлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотларини юқори баҳолайди. Бу эътирофлар шу йилнинг апрель ойида Самарқандда ташкил этилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити ва май ойида Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида ўтказилган музокараларда ҳам кўп бора тилга олинди.
Президентингизнинг 2024 йил июнь ойида Италияга давлат ташрифи биз учун катта воқеа бўлди. Айнан ўша пайтда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатларини алоҳида таъкидлашни истардим. Чунки бу жуда аниқ ва амалий жараён бўлиб, иқтисодий мулоқотни барча даражада янада кенгайтиришга имкон берадиган стандартларни жорий қилишни талаб қилади. Ўзбекистоннинг осон бўлмаган бу ислоҳотни қатъият билан амалга ошираётганига катта ҳурмат билан қараймиз.
Шу ўринда Ўзбекистон халқини яқинда нишонланган Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан қутлайман. Бу кун ҳақиқатан ҳам фахр куни бўлсин. Италия Ўзбекистон билан бирга, қалбан халқингизга яқин. Биз ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз.
ЎзА мухбири
Икром АВВАЛБОЕВ
ёзиб олди.