Чимбой ва Қораўзакда ҳам пахта йиғин-терими бошланди

138

Юртимизга куз мавсуми кириб келиши билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ишловчи ходимларнинг ишлари «болалаб кетади.» Айниқса, «олтин куз» фермер ва деҳқонларга катта масъулият юклайди.

Буни яхши тушунган чимбойликлар ҳам кузнинг очиқ-ёруғ кунларидан унумли фойдаланиб, далаларда етиштирилган ҳосилни сездирмай йиғиб олишга пухта тайёргарликлар кўриб, пахта йиғим-теримига киришиб кетди.

Шу муносабат билан «Кегейли – Чимбой Агрокластер» масъулияти чекланган жамиятига қарашли Чимбой пахта қабул қилиш пунктида дастлабки пахта карвонини қабул қилиш мавсуми бошланди.

Тантанали маросимда туман ҳокими А.Тажетдинов, Қорақалпоғистон Фермерлари кенгаши раиси И.Юнусовлар сўзга чиқиб, пахта далаларида йиғилган ҳосилни қисқа муддатда, биронта ҳам хонасини исроф қилмасдан йиғиб олишга чақирди ва биринчилардан бўлиб пахта топширган фермер хўжаликларига совғалар топширилди.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, жорий йилда туман ҳудудидаги «Айтжан Тўра» ва «Қудайберген Гулдана» фермер хўжаликларига иккита замонавий пахта комбайнлари олиб келинди. Бу, албатта, соҳада фермерлар мушкулини осон қилишга қўйилган муҳим қадамдир.

Шундай тадбир Қораўзак туманида ҳам бўлиб ўтди.

Ҳозирги кунларда республикамиз ҳудудларида пахта йиғим-терими ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси