Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланди

АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, куз-қиш мавсумида уй-жой фонди, ижтимоий соҳа ва давлат тасарруфидаги ҳамда тунда инсонлар қоладиган объектларни иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари кўп учрайди.
Оқибатда инсонларнинг ис газидан заҳарланиши, одамларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдид солувчи ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар рўй бериши мумкин.
Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳар йили куз-қиш мавсуми бошланишидан олдин ва мавсум даврида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли профилактик-огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Мавсумни беталафот ўтказиш ва аҳоли ўртасида кенг қамровли профилактик тадбирларни ташкил этиш мақсадида республикада 552 та ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларга тааллуқли идоралардан жами 2 минг 829 нафар ходимлар жалб этилган.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва печь-мўрикон ишларини бажарувчи ташкилотлар мутахассисларидан иборат 703 та таъмирлаш-тиклаш хизматлари ҳам ташкил этилган.
Ишчи гуруҳлар томонидан жойларда мавжуд бўлган 864 та Бошқарув-сервис компаниялари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг 554 тасида, 9 минг 452 та маҳаллаларнинг 4 минг 576 тасида ўрганишлар ўтказилиб, 1 миллион 408 минг 731 та кўп квартирали уйлардан 220 минг 121 таси текшириб чиқилди.
Бундан ташқари, аҳоли турар жойларидан 550 минг 153 таси ва дала ҳовлилардан 3 минг 39 таси текширувдан ўтказилди. Жараёнлар давомида 93 минг 227 та камчиликлар аниқланиб, уларнинг 82 минг 502 таси жойида бартараф этилди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларига алоҳида эътибор қаратилиб, 23 минг 110 та объектдан 10 минг 34 тасининг мавсумга тайёргарлиги бўйича ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида текширувдан ўтказилди.
Жойлардаги тунда одамлар қоладиган масканларга алоҳида эътибор қаратилиб, «Меҳрибонлик уйлари», “Мурувват” ва “Саховат” уйларида фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимларининг тунги навбатчилиги йўлга қўйилди ва ҳар бир даволаш стационарларида тунги текширувлар ўтказилиши жорий қилинди.
Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилиш, фуқароларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 117 минг 427 маротаба фуқаролар билан учрашув ва йиғилишлар ўтказилди.
Бугунги кунга қадар ёнғин-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби томонидан маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриш даврида 1 миллион 198 минг 66 та хонадонда истиқомат қилувчи фуқаролар билан тушунтириш ишлари ўтказилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бахтсиз ҳодисалар аксарият ҳолатларда табиий газ ва муқобил ёқилғи турларини ҳамда иситиш печларини ишлатишда “газдан фойдаланиш”, “техник ва ёнғин хавфсизлиги” қоидаларига риоя этилмаганлиги, газ тармоғига нотўғри уланиш, хонадонларда очиқ оловдан фойдаланишда эхтиётсизлик ҳамда дудбуронларнинг носозлиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланиш тақиқланади. Иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш лозим.
Носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш мумкин эмас ва стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномаси билан танишиб чиқиш лозим.
Шунингдек, иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик, газ ва электр мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик, газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилиш, ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик ҳамда газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари орқали фойдаланиш керак.
Гулноза Бобоева,
ЎзА