«Оқсоқол» театримиз ўзининг 100-мавсумини бошлади

Бугун Қорақалпоғистон маданий ҳаётида унутилмас тарихий сана. Сабаби, 5 сентябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ўзининг 100-мавсумини тантанали равишда очди. Бир асрлик бой тарихга эга саҳна – бу санъатнинг руҳи, халқ қалбининг садоси, минглаб томошабинлар қалбида ўчмас из қолдирган муқаддас даргоҳдир.
Тадбир кўтаринки руҳда, самимий ва эзгу тилаклар билан бошланди. Унда мазкур театр директори П.Мамутов сўзга чиқиб, юз йил ичида театр босиб ўтган шонли йўл, унинг санъат ривожидаги ўрни ва бугунги авлодга қолдирган бебаҳо мероси ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, театрни кенг жамоатчиликка танитишда ўз ижоди билан иштирок этган фидойи санъат усталарининг машаққатли меҳнати ва касбга садоқатини ҳурмат билан тилга олди.
Очилиш маросимида нафақат театр раҳбарияти, балки саҳна фидойилари – устоз актёр ва актрисалар ҳам сўзга чиқди. Улар ўзларининг хотиралари, театр саҳнасида ўтган умр йиллари, илк роллари, устоз-шогирд анъаналари ҳақида кенг тарзда сўзлаб, уларнинг ҳар бир сўзида саҳнага, санъатга, томошабинга бўлган чексиз муҳаббат, фахр-ифтихор сезилиб турарди.
Тадбир давомида театрда йиллар давомида самарали меҳнат қилган фидойи санъаткорларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Бу нафақат эътироф, балки янги авлод учун маънавий кўприк, буюк санъат мактабига садоқат рамзи бўлди.
Тантанали очилишдан сўнг театр саҳнасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Қ.Заретдиновнинг «Назлимхон сулув» балети томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Балетнинг гўзал саҳналаштирилиши, нафис рақслар ва мусиқа оҳанглари уйғунлашган саҳна кўринишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Асрлик тарихга эга бўлган театрнинг бугунги ҳолати – бу фидойилик, маҳорат ва садоқат билан йўғрилган маънавий меҳнат маҳсулидир. Шундай қилиб, «оқсоқол» театримиз ўзининг янги мавсумига катта ижодий режалар, янги саҳна асарлари ва садоқатли томошабинлар билан бирга дадил қадам қўймоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси