«Беш ташаббус олимпиадаси» ёшларни бирлаштирди

Эрталабдан Нукус шаҳрида «Беш ташаббус олимпиадаси» ёшлар фестивали доирасида кенг қамровли тадбирлар старт олди. Фестиваль ўқувчи, талаба ҳамда уюшмаган ёшларни бирлаштириб, уларнинг билим, маҳорат ва салоҳиятини намойиш этишда муҳим майдонга айланди.
Дастлаб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида «Саломатлик учун 5000 қадам» лойиҳаси доирасида юриш марафони ўтказилди. «Дўстлик» канали бўйида бўлиб ўтган мазкур тадбирда мингдан ортиқ кўнгилли ёшлар иштирок этди.

Фестиваль дастуридан интеллектуал ва маданий йўналишдаги тадбирлар ҳам кенг ўрин олди. Республика «Ёшлар маркази»да «Мунозара» интеллектуал ўйини ташкил этилди. Шунингдек, «Дўстлик» амфитеатрида шахмат ва шашка мусобақалари ўтказилди. Нукус давлат педагогика институтида эса тасвирий санъат танлови ҳамда «Ректор ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида талабалар таълим жараёнини такомиллаштириш ва бўш вақтни самарали ташкил этишга оид таклиф ва ташаббусларини билдирди.

Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида Республика «Ёшлар маркази» медиа марказида «Қизлар овози» лойиҳаси доирасида фаол қизлар билан учрашув ўтказилди. Унда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фестиваль доирасида «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Шунингдек, «Китобхонлар кечаси», «Заковат» интеллектуал ўйини ва «Ёш рассомлар кўргазмаси» ёшлар иштирокида юқори савияда ўтди.
Шу билан бирга, спортга қизиқувчи ёшлар учун армрестлинг, воркаут ва стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ иштирокида қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Фестивалнинг яна бир йирик тадбири — «Ёш дизайнерлар» чиқиши бўлиб, унда иқтидорли ёшлар ўз ижодий ишлари ва лойиҳаларини тақдим этди.

Тантанали маросим сўнгида ёшлар фестивалида иштирок этган барча истеъдод эгалари ва ғолибларни бирлаштирган ёрқин гала-концерт ташкил этилди. Унда ёшлар ўз ижоди, иқтидори ва янги ғояларини намойиш этиб, томошабинларга кўтаринки кайфият улашдилар.

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари