Ўзбекистон ва Финляндия: Рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

170

Бутун дунёда рақамлаштириш жараёнлари жадал кечаётган бир шароитда Ўзбекистоннинг Финляндия каби илғор тажрибага эга давлатлар билан ҳамкорлиги соҳада янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

Шу мақсадда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илкка Ряйсянен билан учрашув ўтказди. Учрашув аввалида IT Park Uzbekistan томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, келгусидаги режалар, шунингдек, IT хизматлари экспортида эришилган натижалар ва уларни янада ошириш масалалари ҳақида тақдимот қилинди.

Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Финляндия ва Марказий Осиё мамлакатларида рақамли уланиш сиёсатини ривожлантириш, соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва Европадаги ҳамкорлар – Финляндия, Франция ҳамда Болтиқ давлатлари билан алоқаларни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, вазир Европа мамлакатлари билан ўзаро муносабатлар ривожланиб бораётганини қайд этди. Япония, Корея, Хитой ва Саудия Арабистони компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, кўплаб нуфузли халқаро АТ компаниялари IT Park резидентига айланаётганини таъкидлади. Вазир Европа мамлакатлари билан ҳам шундай ҳамкорликни янада фаол йўлга қўйишга катта эътибор қаратилаётганини қўшимча қилди.

Учрашувда, шунингдек, мамлакатда ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратиш, уларнинг АТ соҳасидаги имкониятларини ошириш ва бу орқали АТ хизматлари экспорти географик имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу муносабат билан, Финляндия компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш, инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда мазкур жараёнларда элчихона имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.

Ўзбекистон ва Финляндия ҳамкорлиги нафақат технологик ривожланиш, балки ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратилиши ва мамлакатнинг глобал рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА