Таълим соҳасига ажратилган бюджет харажатлари муҳокама қилинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қўмиталар йиғилишларида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитасининг йиғилишида қўмита аъзолари ҳисобот даврида таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига ажратилган маблағларнинг қай даражада мақсадли йўналтирилганига эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, таълим соҳасидаги харажатларнинг 70 фоизи умумий таълимга, 18 фоизи мактабгача таълим ва 12 фоизи кадрлар тайёрлашга йўналтирилган. Кадрлар тайёрлаш соҳасига 5 триллион сўм ёки таълим соҳаси харажатларининг 11,8 фоизи йўналтирилган. Ушбу соҳанинг яна бир қисми бўлган олий таълим муассасаларини сақлаш харажатлари учун ҳисобот даврида 2,8 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўп харажатлар амалга оширилган.
Шунингдек, муҳокамаларда маданият, санъат ва спорт соҳаларини молиялаштириш, кутубхоналарни сақлашга йўналтирилган маблағлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.
***
Демократик институтлар ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалалари қўмитасининг йиғилишида эса Давлат бюджетининг ярим йилликдаги ижроси таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди. Қўмита йўналишидан келиб чиқиб, депутатлар Давлат бюджети параметрларида давлат томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш харажатлари, шунингдек, гендер масалалари бўйича харажатларга алоҳида эътибор қаратди.

Депутатлар ижобий натижалар билан бирга, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида айрим камчиликларга йўл қўйилганини қайд этиб, қатор таклифлар бердилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА