Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

150

Хитойнинг “Сhinadaily” нашри Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Нозимбек Мардоновнинг мақоласини чоп этди.

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ёзилган “Ўзбекистон руҳи ва юртимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи” сарлавҳали мақолада муаллиф, жумладан, шундай ёзади:

– Яқинда Хитойда бир неча ойлик сафарда бўлдим. Шу давр мобайнида қалбим Ватан соғинчидан ташқари ғурур ва ифтихор ҳиссига ҳам тўлди. Бу туйғуни кичик бир лавҳа орқали тасвирлашга уринаман. Чин диёри бўйлаб ҳамкасбларимиз билан бирга саёҳат қиларканман, доим байроғимизни елкамга осиб юрдим. Қувонарлиси, ҳеч ким “Бу қайси давлат байроғи?” деб сўрагани йўқ. Аксинча, кўпчилик ҳурмат билан бир-бирига “Ўзбекистон байроғи”, дея сўз қотди. Ўша лаҳзалар юрагимда чексиз ғурур ва ифтихор жўшди.

Чин мамлакатида эълон қилинган мақолада мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янги босқичга кўтарилгани, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайъ-ҳаракатлари билан туфайли Ўзбекистон ташқи сиёсатда очиқ, тинчликсевар ва фаол давлат сифатида эътироф этилиб, алоҳида ҳурматга сазовор бўлаётгани баён этилган. Эндиликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби йирик халқаро тузилмалар минбарларидан халқимиз овози янграётгани, Марказий Осиёда барқарорлик, транспорт ва логистика йўналишлари, экология ва сув ресурслари, яшил энергия, инсон ҳуқуқи ва ёшлар сиёсатига оид ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилган.

Муаллиф юртимизда ёш авлодга катта эътибор қаратилаётгани, миллионлаб ўзбек ёшлари хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиб, замонавий билим ва технологияларни эгаллаётганига урғу берилган. Чунончи, “Ёшлар – келажагимиз” тамойили амалда ўзини намоён этаётгани, Ёшлар парламенти, давлат грантлари, IT-парклар, стартап дастурлари – буларнинг бари ёшлар учун кенг имкониятлар очаётгани, айниқса, спорт мусобақаларида ўғил-қизларимиз мунтазам равишда байроғимизни баланд кўтараётгани ҳам таъкидланган.

М.Пирматова, ЎзА