Узумчилик боғдорчиликнинг энг муҳим тармоғи

168

Мамлакатимизда узумчилик тобора ривожланмоқда. Ушбу йўналиш боғдорчиликнинг энг кўҳна тармоқларидан бўлиб, ҳосилгача ва қадоқлашгача бир нечта даврни ўз ичига олади. Узумчиликнинг 4 та асосий йўналиши мавжуд бўлиб, булар: хўраки узум етиштириш, майиз қуритиш, консерва маҳсулотлари ва шарбатлар тайёрлаш.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизда 2025 йилнинг биринчи ярмида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 56,3 минг тонна узум етиштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,8 фоиз ўсган. Ҳудудлар кесимида етиштирилган узум ҳажми қуйидагича: Сурхондарё вилояти – 15,6 минг тонна, Наманган вилояти – 8 минг тонна, Қашқадарё вилояти  – 8 минг тонна, Бухоро вилояти – 6,7 минг тонна, Самарқанд вилояти  – 4,9 минг тонна, Фарғона вилояти – 3 минг тонна, Навоий вилояти – 2,9 минг тонна, Андижон вилояти – 2,4 минг тонна, Тошкент вилояти – 1,4 минг тонна, Хоразм вилояти 1,4 минг тонна, Сирдарё вилояти – 0,9 минг тонна, Жиззах вилояти – 0,7 минг тонна ва Қорақалпоғистон Республикасида 0,4 минг тонна узум етиштирилган.

Ҳудудлар кесимида етиштирилган узумлар миқдоридаги тафовутлар аввало, ўша ҳудуднинг аграр имкониятлари ва иқлим шароитларига бориб тақалади. Узум етиштириш бўйича мўтадил об-ҳаво ва ушбу соҳада боғбонларнинг тажрибалари орқали бир неча ҳудудларда узум етиштириш бўйича катта ўсишлар қайд этилди.

Юртимизда боғдорчиликни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айниқса, узум етиштириш, токзорларни кўпайтириш ва уларга ишлов бериш, суғоришда янги технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратиляпти. Бу борадаги ишлар ўз самарасини бериб, ҳосил ҳажмида йилдан-йилга ўсиш кузатилмоқда. Ҳозирда нафақат миришкор деҳқон ва фермерларимиз, балки ҳовли-жойда истиқомат қилувчи кўп оилалар ҳам ушбу мева турини етиштирмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА