Ўзбекистон ва Корея: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик кучайтирилади

83

Сенатда Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси  Анвар Тўйчиев Корея Республикасининг Мирянг шаҳри Маҳаллий вакиллик органи раиси Хо Хонг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Унда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Мамлакатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси давлатлараро муносабатларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Икки мамлакатнинг барча йўналишлардаги ҳамкорлиги, хусусан, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш ва кенг кўламдаги қўшма тадбирларни ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

“Электрон парламент” тизимини жорий этиш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, экология ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА