Ўзбекистон делегацияси Мўғулистонда муҳим келишувга эришди

155

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, геология ва тоғ-кон саноати каби стратегик тармоқларда тажриба алмашиш ҳамда янги дастурларни йўлга қўйиш икки мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга.

Айни кунларда Ўзбекистон делегациясининг Мўғулистонга амалий ташрифи ҳам шу мақсадларга қаратилган. Ташриф доирасида делегация Мўғулистоннинг Фан ва технологиялари университети ҳузуридаги Геология институти раҳбарияти билан учрашди.

Суҳбат чоғида кадрлар тайёрлаш, илмий лойиҳалар ва академик алмашинув масалалари муҳокама қилинди. Унда томонлар қайд этганидек, Ўзбекистон ва Мўғулистон геологлари ўртасида тажриба алмашиш, ёш мутахассислар учун қўшма грантлар ва амалиёт дастурлари яратиш, илмий тадқиқотларни халқаро миқёсда биргаликда олиб бориш имкониятлари очилади. Бу эса икки давлатнинг тоғ-кон салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Учрашув якунида мазкур йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди. Шундан сўнг, томонлар илмий-таълим жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича англашув меморандумини имзолади.

Эслатиб ўтамиз, делегациянинг амалий ташрифи давом этмоқда.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА