Жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ташаббуслар амалга оширилмоқда

137

Жамиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш – ҳар бир фуқаро ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, бугунги кунда маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш ва унинг олдини олиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида маҳаллалардаги криминоген вазиятни яхшилаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Амударё туманида кенг қамровли ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Айнан шу мақсадда туман ҳокими С.Хўжаметов раҳбарлигида аҳоли билан тарғиботга йўналтирилган очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Бундай учрашувлар туманнинг Босув, Дўстлик, Чордара ва Дурунки маҳаллаларида бўлиб ўтди. Уларда туман ҳокими, унинг ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар ва идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда фуқаролар фаол иштирок этди.

Учрашувлар давомида ҳоким аҳоли билан очиқ мулоқотда бўлиб, жиноятчиликнинг олдини олиш фақат давлат органлари эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятида эканини таъкидлади. Маҳалла – умумий уйимиз, уни тинч ва хавфсиз сақлаш эса ҳаммамизга бирдек дахлдор вазифа экани алоҳида қайд этилди.

Тадбирларда жамоат тартибини сақлаш, ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ишсизликка қарши курашиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга жойида ечим топиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.


Фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар ҳоким ва мутасадди раҳбарлар томонидан диққат билан тингланди. Қатор муаммолар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу каби очиқ мулоқотлар туманнинг барча маҳаллаларини қамраб олган ҳолда босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги