Тошкентда Ўрол Тансиқбоев асарлари кўргазмаси очилди

Пойтахтимиздаги Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев таваллудининг 120 йиллигига бағишланган юбилей кўргазма ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган экспозицияда рассомнинг 124 та асари намойиш этиляпти. Улардан 106 таси И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўрол Тансиқбоев уй-музейи коллекцияларидан, шунингдек, 18 та асар А.Қастеев номидаги Қозоғистон давлат санъат музейидан олинган.
1904 – 1974 йиллар оралиғида яшаб ижод қилган Ўрол Тансиқбоев рассом ва рангтасвир устаси бўлган. “Кураш”, “Карвон”, “Ўтов”, “Ўзбекистонда баҳор” каби ўнлаб машҳур асарлари мавжуд. Рассом асарлари Ўзбекистон, Москва, жумладан, 1934 йилда АҚШнинг Филадельфия шаҳрида ҳам намойиш этилган.
– Ўрол Тансиқбоев ижод намуналаридан унинг атроф-муҳитга бўлган муҳаббатини пайқаш мумкин. Рассомнинг йигирманчи йиллар боши, ўттизинчи йиллар охиридаги ишларини синчковлик билан ўрганиш орқали ундаги яширин интилишларни ҳис қиламиз. Кўплаб омиллар сабаб Тансиқбоев авангард йўналиши томон шиддат ила ривожланган. 1968 йилда рассом И.В.Савицкий томонидан танлаб олинган 150 дан ортиқ асарини Нукус музейи коллекциясига беғараз топширган, – деди И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Гулбаҳор Изентаева ЎзА мухбирига берган интервьюсида.
Кўргазма арафасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 70 дан ортиқ картинани реставрация қилишга киришди ва бу жараёнга етакчи француз мутахассислари жалб этилди. Шунингдек, рассом юбилейи муносабати билан Италиянинг Electa Publishing нашриёти билан ҳамкорликда кўргазманинг илмий каталоги ҳам тайёрланмоқда.
Кўргазма 20 ноябрга қадар давом этади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (фото), ЎзА
















