Рақамли суд: Одил судлов имкониятлари ва кафолатлари кучайтирилмоқда

243

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар мамлакатимизда одил судлов тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Бу ислоҳотлар натижасида судлар фақат жазо тайинловчи орган эмас, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ҳақиқий адолат қўрғони сифатида намоён бўлмоқда.

Айнан Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ва қатъий сиёсий ирода туфайли суд фаолияти тобора очиқ, фуқаролар учун қулай ва шаффоф тизимга айланиб бормоқда. Бугунги кунда одамлар судни илгари қандайдир қўрқув билан қабул қилган бўлса, эндиликда унга ишонч билан, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли манбаи сифатида қарамоқда.

2025 йил 21 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли Президент фармони суд-ҳуқуқ тизимида янги даврни бошлаб берди. Бу фармон нафақат суд биноларини янгилаш, балки бутун тизимни рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали суд хизматини замон талабларига мос равишда ташкил этишни кўзда тутади.

Юртимизда охирги йилларда «Одил судлов — адолат пойдевори» деган тамойил ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Янги фармон судларга бўлган халқ ишончини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Эндиликда янги фармон билан судлар инфратузилмаси ва шароитлари тубдан янгиланади. Унга мувофиқ, мамлакатимизда 2030 йилгача 162 та янги суд биноси қурилиб, 82 таси реконструкцияланади ва 93 та бино капитал таъмирдан чиқарилади. Суд заллари замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланади.

Бу орқали қоғозбозлик, навбатлар ва ортиқча қийинчиликлар камаяди, халқнинг судга бўлган ишончи ортади. Суд бинолари фуқароларга хизмат қилувчи, қулай ва очиқ масканга айлантирилади.

Шунингдек, 2025–2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури ишлаб чиқилади. Демак, суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштириш жараёнлари янги босқичга кўтарилмоқда. Ушбу фармонга биноан, қуйидаги муҳим рақамли янгиликлар жорий этилади:

Биринчидан, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар ва судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади.

Бу платформа сунъий интеллект асосида ишлайдиган бўлиб, мавжуд қонунчилик базасини таҳлил қилиш, турли ишларга тегишли ҳуқуқий асосларни топишда ёрдам беради.

Иккинчидан, 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш имконини берувчи махсус ахборот дастури яратилади.

Бу дастур суд қарорлари, протоколлар ва бошқа ҳужжатларни автомат равишда шакллантиради, инсон хатоларини камайтиради ва иш жараёнини тезлаштиради.

Учинчидан, 2026 йил 1 январдан бошлаб «my.sud.uz» интерактив порталининг янги модули фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни бошлайди.

Мазкур портал орқали, сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи фуқароларнинг ҳуқуқий саволларига жавоб бериб, суд билан боғлиқ маълумотларни автоматик етказиб беради ва ҳуқуқий мурожаатларни қабул қилиб, тегишли ташкилотларга йўналтиради.

Эндиликда судларда сунъий интеллект орқали ҳужжатлар таҳлил қилиниб, ўхшаш суд қарорлари асосида тавсиялар берилади ва суд ишларини тўғри тақсимлашда ёрдамлашади.

Муҳими, қарор қабул қилиш фақат судья томонидан амалга оширилади. Сунъий интеллектнинг вазифаси — иш жараёнини тезлаштириш ва холисликни таъминлашдир.

Президент фармонида белгилаб берилган «Рақамли суд» концепцияси — бу бутун суд жараёнини рақамлаштириш, аҳолига масофавий ва шаффоф хизмат кўрсатиш имконини берадиган инновацион ёндашувдир. Ушбу концепция орқали, суд жараёнларида инсон фактори камайиб, холислик ошади ва электрон суд ишларини юритиш тизими кенгайтирилади. Суд қарорлари очиқ ва онлайн фаолият асосида амалга оширилади.

Фармонда суд тизимида меҳнат қилаётган-судьялар ва суд ходимлари учун ҳам муҳим янгиликлар назарда тутилган бўлиб, маош ва ижтимоий кафолатлар оширилади, иш шароитлари яхшиланади, малакани ошириш ва қайта тайёрлаш тизими такомиллаштирилади.

Бу эса, ўз навбатида, адолатни таъминловчи суд ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилади.

«Рақамли суд», сунъий интеллект, интерактив платформалар ва қулай инфратузилма — буларнинг барчаси халқ учун очиқ, шаффоф, ишончли суд тизимини шакллантиради.

Адолат қачон халққа яқин бўлса — ишонч ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Энди фуқароларимиз судга қўрқиб эмас, ҳуқуқий ҳимояни олишга ишонч билан юзланади.

Азамат Шадибеков,

Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги