Янги марказ ёшларнинг севимли даргоҳига айланади

141

Мамлакатимизда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, фаровон турмуш кечириши учун шароит яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, юртимиз юксалиб бораётган бир пайтда чекка ҳудудларда ҳам замонавий, қулай ва ёшлар учун имкониятларга бой масканлар барпо этилмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрининг Халқлар дўстлиги маҳалласида замонавий мезонлар асосида қуриб битказилган Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди.

Марказда чет тилларни ўрганиш, компьютер саводхонлиги, ментал арифметика, тасвирий санъат, тикувчилик, тўқувчилик, миллий ҳунармандчилик каби касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилган.

Шунингдек, “Book cafe”, “Заковат” клуби, шашка ва шахмат тўгараклари, IT ва робототехника машғулотлари, инклюзив касбий таълим тўгараклари ҳамда коворкинг маркази фаолият юритади.

Масъулларнинг қайд этишича, мазкур марказ ёшларнинг ташаббус ва ғояларини бирлаштириш, янги лойиҳалар тайёрлаш, йигит-қизларни тадбиркорликка ўргатиш, ўзаро муҳокамалар майдони яратиш, турли соҳаларда маҳорат дарсларини ўтиш учун севимли масканга айланади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА