Ўзбекистонга гуруч асосан қайси давлатдан импорт қилинади?

Гуруч дунё бўйлаб энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулот сифатида тан олинган. Ушбу маҳсулот таркиби хилма-хил фойдали моддаларга бой. Гуруч таркибидаги калий овқат билан бирга тушган тузнинг зарарли таъсирини камайтиради, юрак қон-томир тизимини яхшилайди ва асаб тизимини тинчлантиради. Бундан ташқари, унда суякларнинг мустаҳкамлигими таъминловчи кальций, фосфор, темир, асаб тизими учун муҳим бўлган рух, йод, мис каби бир неча оганизм учун керакли моддалар мавжуд.
Хўш, ушбу маҳсулот асосан қайси давлатлардан келтирилади? Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон 13 та давлатдан қиймати 2,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 6,5 минг тонна гуруч импорт қилган.
4,3 минг тонна маҳсулот Қозоғистондан келтирилган. Географик яқинлик, логистика қулайлиги ва савдо алоқаларининг мустаҳкамлиги бу натижанинг асосий сабабларидан.

Ҳиндистон гуруч экспортида дунё етакчилари қаторидан жой олган давлат сифатида Ўзбекистонга 1,1 минг тонна гуруч етказиб берган. Покистондан эса 186 тонна гуруч импорт қилинган. Бу эса дунёда етиштирилаётган гуручларнинг энг яхши турлари мамлакатимиз бозорларига кириб келаётганидан далолат беради.
Қирғизистон 582 тонна гуруч билан Ўзбекистон бозорида сезиларли роль ўйнаган. Бу географик яқинлик ва божхона-солиқ тизимидаги енгилликлар эвазига дейиш мумкин. Хитой эса юқоридаги давлатларга нисбатан кам (66 тонна) ҳажмда гуруч етказиб берган.
Ўзбекистонда ҳам гуруч етиштирилади, аммо иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг чекланиши, экин майдонларининг қисқариши каби омиллар гуруч ҳосилдорлигига таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли, импорт муқобил ечим сифатида қаралади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА