Президент Фармонининг аҳамияти тушунтирилди

149

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси Р.Бекмуратова томонидан туман ҳокимлигида ҳудуддаги тегишли муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла раислари билан учрашув ўтказилди.

Унда жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 140-сонли Президент Фармони ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мазкур Фармон суд тизимида шаффофлик ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, суд фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш орқали иш юритишда тезкорлик ва холисликка эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш имкониятлари кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув давомида суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, хусусан, алоҳида қарорларнинг тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилиши бўйича мутасадди ташкилотлар ва маҳалла раисларига аниқ вазифалар юклатилди.

Тадбирда Суд раиси Р.Бекмуратова суд қарорлари ижросини таъминлашда ҳар бир раҳбар ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва масъулияти муҳим ўрин тутишини, шу орқали жиноятчиликни бартараф этишда тизимли ёндашув шаклланишини таъкидлади.

Учрашув якунида, суд ва маҳаллий идоралар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик иштирокида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси