Биринчи курсларнинг биринчи қадами

160

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғига асосан 2025-2026-ўқув йилида олий ўқув юртларига қабул қилинган 1-курс талабалари учун ўқув жараёнлари 3 сентябрдан бошланиши белгиланган бўлиб, шу асосда бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган биринчи курс талабалари учун ўқув жараёни бошланди.

Саҳардан улуғ даргоҳга ошиқиб келаётган ёшларнинг юзидаги қувонч, кўзларидаги ёруғ орзулар, билим олишга бўлган интилишлари юртимиз келажагига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Чунки бугунги бахтли ёшлар – эртанги куннинг етук мутахассислари, жамият тараққиётининг бош омилидир.

Ўқув даргоҳининг кенг ва шинам аудиториялари, замонавий лабораториялари, бой кутубхонаси ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада оширади. Улар бу ерда нафақат билим, балки ҳаётий тажриба, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ҳам ўзлаштиради.

– Университетнинг юридик факультетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим, бугун олий ўқув юртига биринчи марта қадам қўйяпман. Ажойиб муҳит, янги дўстлар дийдори кишини ўзига тортиб туради. Ўқув даргоҳида ёшларнинг таълим олиши учун яратилган имкониятларни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилмоқда. Ушбу имкониятлардан ўринли фойдаланиб, устозлардан таълим олиб, келажакда юртимизга хизмат қилиб, муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан, – дейди Одилбек Рисназаров.

Шу ўринда Президентимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятларни алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳар бир соҳада уларга кенг йўл очиб берилаётгани, талабаларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча зарур инфратузилма яратилгани – ёшларимизни бахтли қилаётган омиллардан. Албатта, бу бугун ўқув даргоҳига катта орзу-умидлар билан қадам қўяётган ҳар бир ёшнинг қалбида ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотиб, ушбу имкониятлардан ўринли фойдаланиб, юртимизнинг муносиб фарзандлари бўлиб етишади, деб ўйлаймиз.

Ўқув юртидаги факультетларда «Талабаликка бағишлов» тадбирлари ўтказилиб, унда талабаларни университет фаолияти билан таништириш, кредит-модуль тизимининг мазмун-моҳияти ва афзалликларини тушунтириш ҳамда танлов фанларини мақсадли танлаш, талабаларда мустақил билим олиш кўникмаларини шакллантириш, академик адолат тамойиллари ҳамда касбий ва шахсий ривожланиш масалалари бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги