Ўзбекистоннинг сифатли қуруқ мевалари Австрия бозорида ҳам юқори талабга эга бўлади

Вена шаҳрида Ўзбекистон – Австрия муносабатларини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов раҳбарлигидаги делегация Австрия Парламентида самарали мулоқотлар ўтказди.
Музокараларда Австрия Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Карл Реннер ва Австрия Иқтисодий палатаси аъзоси Гунтэр Фэхлинджер иштирок этди. Делегацияга мамлакатимизнинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Иброҳимов ҳамроҳлик қилган.

Суҳбат аввалида делегациямиз аъзолари ташриф давомида Австриядаги бизнесни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилгани, натижада муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.
Карл Реннер эса Австрия парламентаризми тарихи ва қонун чиқариш жараёни ҳақида маълумот берди. У охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, Австрия мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Гунтэр Фэхлинджер Ўзбекистон сифатли қуруқ мевалар экспортида катта имкониятларга эгалиги ва бу маҳсулотлар Австрия бозорида юқори талабга эга бўлишини таъкидлади.
Ушбу таклиф маъқулланиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси австриялик шерикларга ишончли маҳаллий ҳамкорлар топиш ва лойиҳавий масалаларни ҳал этишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида савдо айланмасини ошириш ҳамда иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА