Пойтахтимизда 25 та маҳалланинг янги биноси фойдаланишга топширилди

Маҳалла – бу халқимиз ҳаётининг, урф-одат ва қадриятларининг маркази ҳисобланади. Ана шундай юксак қадриятлар маскани бўлган маҳаллаларга Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, бунда фуқаролар билан бевосита ишлайдиган маҳалла институтини такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Нукус шаҳрида 25 та маҳалла фуқаролар йиғинлари биноси янгидан қурилди.
Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида бир кунда 25 та маҳалланинг замонавий бинолари фойдаланишга топширилиши – Ватан учун, миллат учун, халқ учун! деган шиорнинг яққол ифодаси бўлди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Қўмита раиси Ш.Ўтемисов, Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турманов, Шаҳар ҳокими А.Данияров, кенг жамоатчилик вакиллари ва маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Таъкидланганидек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳомийлигида қуриб битказилган янги турдаги маҳалла бинолари келгусида маҳалла еттилигининг янада халқ билан яқиндан ишлашига замин яратади.
Шунингдек, сўнгги йилларда маҳаллаларимиз катта янгиланиш, бунёдкорлик майдонига айланиб кетди. Халқ билан яқин ҳамкорликда халқчиллик тамойили кенг ёйилиб, фуқароларнинг мустақиллигимиз берган бугунги ўзгаришларга шукроналик ва ифтихор туйғулари ортиб бормоқда.
Бунда, албатта, давлатимизнинг асосий ўзаги бўлган – маҳаллалардаги маҳалла еттилигининг самарали фаолият олиб боришини таъминлашга кенг эътибор қаратилмоқда. Йилдан-йилга янги маҳалла бинолари қад ростлаб, бу янгиланишлар маҳалланинг давлат ва халқ ўртасидаги чинакам мустаҳкам кўприк бўлишини таъминлаяпти.
Янги бинолари топширилаётган маҳаллалар қаторида «Навқон боғ,» «Шарқ,» «Турон,» «Дарбанд,» «Гузар,» «Жайхун» ва «Кўк ўзак» каби маҳаллаларни қайд этишимиз мумкин.

Шундан сўнг йиғилганлар янги маҳалла биносидаги еттилик аъзолари ва маҳалла аҳлига яратилган имкониятлар билан танишди. Ёши улуғлар фотиҳага қўл очиб, яратилаётган имкониятлар учун Муҳтарам Президентимизга ҳамда юрт раҳбарларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги