Янги мактабга илк қадамлар қўйилди

2025–2026-ўқув йилининг бошланиши муносабати билан барча ҳудудларда “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Шу кунларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, янги бинолар, замонавий шароитлар билан жиҳозланган мактаблар ишга туширилмоқда. Ана шундай йирик лойиҳалардан бири — Беруний туманида инвестиция дастури доирасида Бўстон маҳалласида, аниқроғи, Ёшлик аҳоли манзилида 330 ўринли янги умумтаълим мактаби қуриб битказилиб, бугундан бошлаб ўз фаолиятини бошлади. Илмга чанқоқ ўқувчилар учун очилган ушбу замонавий мактаб нафақат туман, балки бутун ҳудуд аҳолиси учун муҳим воқеа бўлди.
Лойиҳа қиймати 10 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этиб, мактаб биноси замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Унда спорт зали, касб-ҳунарга йўналтирилган махсус синф хоналари, ошхона ва бошқалар мавжуд бўлиб, болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароит яратилган.
Таълим маскани очилиш маросимида Беруний тумани ҳокими И.Хидиров иштирок этди ва мактаб жамоаси ҳамда ўқувчиларни Билимлар куни билан табриклади. Туман раҳбари таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, ўқитувчилар зиммасидаги масъулият ҳамда ёш авлод учун яратилаётган имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи оилаларнинг фарзандлари авваллари 8 км масофадаги бошқа мактабга қатнашига тўғри келарди. Эндиликда эса улар ўз уйларига яқин, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган янги мактабда таълим олиш имкониятига эга бўлишди.
Янги мактаб очилиши таълим соҳасидаги янги босқич бўлиб, ёш авлод учун чуқур таълим олиш имкониятини яратмоқда. Бу каби ислоҳотлар Ватанимизнинг фаровон келажаги йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги