Ҳуқуқ, фан ва инсонларга бағишланган умр

118

 

Бугун Ўзбекистон ҳуқуқшунослиги ва давлатчилик илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган атоқли олим, мутафаккир, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, юридик фанлар доктори, профессор, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов таваллуд топганига 100 йил тўлади.

Бу сана нафақат унинг шогирдлари, ҳамкасблари ва оила аъзолари учун, балки бутун мамлакатимиз ҳуқуқшунос олимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари жамоаси учун ҳам катта тарихий аҳамият касб этади. Чунки у ҳаёти давомида назария ва амалиётни уйғун тарзда олиб бориб, юртимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида муносиб из қолдирган забардаст олим эди. Унинг Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимини ривожлантиришга, илмий мактаб яратишга ва янги авлод юристларини тарбиялашга қўшган ҳиссасини беқиёс.

1925 йил 2 сентябрда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида оддий деҳқон оиласида дунёга келган Хожи-Акбар Раҳмонқулов ёшлигидан меҳнатсеварлик ва ватанга муҳаббат хислатларини намоён этди. Унинг ёшлиги Иккинчи Жаҳон урушининг оғир йилларига тўғри кeлди. 1941 йили, 16 ёшида, у Тошкентдаги 84-авиация заводида электромонтёр сифатида иш бошлаб, уруш йилларида ҳарбий заказларни бажаришга ўз ҳиссасини қўшди. Бу оғир даврда у кунига 14 соат ишлаган бўлса-да, юксак масъулият ва ирода билан ўз вазифасини адо этди. 17 ёшида, ҳарбий хизматга чақириқдан озод бўлганига қарамай, Раҳмонқулов ихтиёрий равишда фронтга жўнатилди. У 2-Болтиқбўйи фронтининг 6-армияси 51-гвардия дивизияси 156-гвардиячи  полкининг автоматчилар ротаси таркибида Буюк Луки, Невель, Старая Русса, Орша, Витебск ва бошқа шаҳарларни озод учун бўлган жангларда қатнашди. Жароҳат ва контузияга қарамай, у яна сафга қайтиб, жасорат ва фидойилик кўрсатди. Унинг бу даврдаги ватанпарварлиги ва қатъияти кейинчалик унинг ҳаёти ва фаолиятининг асосига айланди. Урушдан кейин Ленинград офицерлар билим юртини тамомлаб, 1946 йили кичик лейтенант унвони билан захирага чиқди. У Ватан уруши ордени ва 12 та жанговой ва юбилей медаллари билан тақдирланди, бу мукофотлар унинг жасорати ва Ватанга садоқатининг рамзи бўлди.

Урушдан кейин Ҳ.Раҳмонқулов Тошкент юридик институтига ўқишга кирди. Дастлаб техника соҳасида таълим олишни орзу қилган бўлса-да, тақдир уни юриспруденцияга олиб келди. Бу ерда у ўзинг қизиқувчанлиги ва билимга чанқоқлиги каби хислатларини тўла намоён этди. 1950 йили институтни муваффақиятли тамомлагач, Ўзбекистон Адлия вазирлигида меҳнат фаолиятини бошлади, кейинчалик 1953–1956 йилларда армияда хизмат қилиб, Туркистон ҳарбий округнинг «Фрунзевец» газетасида таҳририятнинг адабий ходим сифатида ишлади. Бу даврда у ўзининг ташкилотчилик қобилияти ва ёзиш малакасини кўрсатди. 1956 йил охирида ҳарбий хизматдан катта лейтенант унвонида захирага бўшатилган Ҳ.Раҳмонқулов яна Ўзбекистон Адлия вазирлигига қайтиб, аввалги лавозими – катта тафтишчи сифатида ишлай бошлади.

1957 йили Ленинград давлат университетининг аспирантурасига қабул қилинди. У ерда юридик фанлари доктори, профессор Н.А.Райгородский  раҳбарлигида илмий тадқиқот олиб борди ва 1960 йили «Пахта тайёрлаш ва уни етказиб бериш бўйича муносабатларнинг ҳуқуқий шакллари» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1970 йили эса «Саноат ва қишлоқ хўжалиги ўртасидаги товар айланиши соҳасидаги шартнома муносабатлари» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Бу ишлар Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим масалаларига бағишланган бўлиб, унда муаммоларнинг ҳуқуқий ечимларни таклиф қилди. Унинг истиқболни англаш ва чуқур таҳлилий фикрлаш қобилияти ушбу тадқиқотларда ўз аксини топди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, у совет давридаёқ бозор муносабатларига ўтиш зарурлигини олдиндан кўра билди.

1960–1980 йилларда Ҳ.Раҳмонқулов Ўзбекистон Фанлар академиясининг И.М.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтида илмий ходим, шўъба мудири лавозимларида ишлади ва самарали илмий ижод қилди. Хусусан, «Ўзбекистон халқ хўжалигини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий масалалари»,  «Қишлоқ хўжалигини моддий-техника билан таъминлаш (қонунчилик ва амалиёт)» номли монографиялари чоп этилди. Ўша даврда жамиятнинг иқтисодий асосини ташкил этган мулк шакли шароитида товар айланишини тартибга солишнинг ҳуқуқий шакллари ва услублари ҳақидаги хулосалари ва таклифлари алоҳида қизиқиш уйғотди, илмий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг асарларида юқори даражада эътироф этилди.

1980–1985 йилларда  Ҳ.Рахмонқулов Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг Юридика факультетида ўзининг ташаббуси билан ташкил қилинган “Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар” кафедраси мудири сифатида педагогик фаолият олиб бориб, ўқув-услубий ва илмий ишлар савиясини оширишга кўмаклашди, ўқитувчилар томонидан ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва нашр этилишига бошчилик қилди ҳамда факультет илмий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшди.

1985–1989 йилларда Ҳожи-Акбар Раҳмонқулович яна Ўзбекистон Фанлар академиясининг И.М.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтида шўъба ва ҳуқуқ бўлими мудири лавозимларида ишлади. 1989 йилда институти директори лавозимига сайланди ва Фанлар академияси томонидан тасдиқланди. Бу даврда у институтнинг илмий йўналишларини аниқлаш ва такомиллаштириш, ходимларнинг илмий ишлари мавзуларини белгилаш, институтнинг таркибий бўлинмаларини такомиллаштириш йўналишиларига эътибор қаратди. Институтда ҳуқуқ фанлари бўйича янги секторлар ташкил этилди, бу эса давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илмий экспертиза хулосаларини беришда институтнинг илмий ходимлари иштирокини кучайтиришга хизмат қилди.

Институтда ўша пайтда фақат битта ихтисослаштирилган кенгаш — фалсафа фанлари бўйича докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш кенгаши фаолият юритарди. Хожи-Акбар Раҳмонқулович директор бўлгандан кейин юридик фанлари бўйича ҳам ихтисослаштирилган кенгаш ташкил қилиш масаласи билан изчил шуғулланди. Унинг тинимсиз ҳатти-ҳаракати билан институтда Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан ҳам фан докторларини жалб қилган ҳолда ҳуқуқ фанлари бўйича минтақавий ихтисослаштирилган кенгаш ташкил қилинди. Кенгаш нафақат Ўзбекистон, балки бошқа республикалар учун ҳам юқори малакали ҳуқуқшунос олимларни тайёрлашга ҳамда Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг илмий нуфузини оширишга хизмат қилди.

Шунингдек, Ҳ.Раҳмонқулов катта илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган “Агросонаот мажмуида шартнома муносабатлари” номли монографиясини ёзди. Тадқиқотда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш, фойдаланилмайдиган ортиқча моддий-техника воситаларини сотиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарига ишлаб чиқариш-техника хизматларини кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича шартнома муносабатларини кенг доираси қамраб олинди, уларнинг агросаноат мажмуидаги тутган ўрни ҳамда шартнома мажбуриятларининг ҳар бир турини бузганлик учун жавобгарлик масалалалри таҳлил қилинди. Ундаги илмий хулосалар ва амалий таклифлар жамият тараққиётининг мазкур босқичида мамлакатда амалга оширилган иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг ифодаси бўлди.

Унинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси сифатидаги фаолияти даври республика ҳаётидаги улкан тарихий воқеалар билан тўғри келди. Ўзбекистон ўзини суверен давлат деб эълон қилди, республикани мустақил давлат сифатидаги ҳуқуқий мақомини белгилаш, унинг жамият тизими ва давлат қурилишида янги босқични ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Конституциясини ишлаб чиқиш ҳамда янги сиёсий шароитларда бошқа суверен республикалар билан муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини аниқлаш масалалари кун тартибига қўйилди. Бу жарёнларда у бевосита иштирок этди. Хусусан, Конституциявий комиссия аъзоси сифатида Хожи-Акбар Раҳмонқулович мустақил Ўзбекистон Конституцияси лойиҳасининг «Жамият ва шахс» бўлими устида ишлаган ишчи гуруҳга раҳбарлик қилди.

Шу даврда Хожи-Акбар Раҳмонқулович фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, шахс эркинлигига оид халқаро ҳужжатлар, конференция материаллари, конвенциялар, декларациялар билан батафсил танишиб, 1991 йилда «Фуқаролик: шахс ҳуқуқлари, бурчлари ва эркинлиги» номли монографияни нашр этди. Бу мазкур мавзуга бағишланган биринчи комплекс ва яхлит монография эди. Ундаги илмий асослантирилган таклиф ва тавсиялар Конституция лойиҳасининг фуқаролик, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳамда фуқаролар бурчларига бағишланган бобларини ишлаб чиқишда эътиборга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 20 майдаги 159-Ф-сонли фармойишига мувофиқ ташкил этилган ишчи гуруҳ раҳбари сифатида Х. Раҳмонқулов янги Фуқаролик кодекси концепциясини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилди ва унинг лойиҳасини тайёрлашда ўзининг ташкилотчилик ва юксак илмий иқтидорини намоён этди. Бу кодекс ҳақли равишда «бозор иқтисодиёти конституцияси» деб аталади. Кодекс янги жамият тузуми ривожланиши тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва кенг муносабатлар доирасини қамраб олган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг биринчи қисми (1995 йил 21 декабрь) ва иккинчи қисми (1996 йил 29 август) тасдиқлангандан сўнг Ҳ.Раҳмонқулов унинг шарҳларини тайёрлаш ишларини йўлга қўйди. Биринчи қисмга шарҳларни ўзи тайёрлади, иккинчи қисм шарҳлари эса республика фуқаролик ҳуқуқи мутахассислари томонидан унинг раҳбарлиги остида ишлаб чиқилди.

Ҳ.Раҳмонқулов мутахассислар ишчи гуруҳи фаолиятига раҳбарлик қилиб, Ўзбекистон Республикасининг муҳим қонун ҳужжатларидан бири — Оила кодекси лойиҳасини тайёрлашга ҳам раҳбарлик қилди. Ушбу Кодекс 1998 йил 30 апрелда тасдиқланган. 2000 йилга келиб Х. Раҳмонқулов ҳаммуаллиф ва масъул муҳаррир сифатида ушбу кодексга тайёрланган шарҳларни нашрга тайёрлади.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловичнинг илмий-тадқиқот фаолияти унинг педагогик фаолияти билан доимо узвий боғлиқ бўлиб келди. ТошДУ юридик факультетида «Фуқаролик ҳуқуқи» фанидан мунтазам маърузалар ўқиди. 1993 йилда Х. Раҳмонқулов ташаббуси билан Тошкент давлат юридик институтида янги «Бозор-хўжалик ҳуқуқи» кафедраси ташкил этилди. У кафедрани  бошқариб, ўқув дастурини ишлаб чиқди ва унга мувофиқ маърузалар ўқиди. 1999 йилда эса мустақил Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан мулкий, савдо-иқтисодий, оилавий ва меҳнат муносабатлари ривожланишини ҳисобга олган ҳолда унинг ташаббуси билан  «Халқаро хусусий ҳуқуқ» кафедраси ташкил этилди. Кафедрада ёш олим-мутахассислар «Рим хусусий ҳуқуқи», «Халқаро хусусий ҳуқуқ», «Халқаро савдо ҳуқуқи», «Корпоратив ҳуқуқ», «Мажбуриятлар ҳуқуқи» ва бошқа фанлардан дарс беришди.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг энг катта хизматларидан бири — бу унинг ўз илмий мактабини яратганидир. У киши фақат шахсий тадқиқотлар билан чекланиб қолмади, балки юзлаб ёш олимлар, ҳуқуқшунослар ва амалиётчи юристларни тарбиялаб етиштирди. Унинг раҳбарлигида ҳимоя қилинган диссертациялар, ёзилган монографиялар ва илмий ишлар орқали бутун бир цивилистик ҳуқуқ мактаби шаклланди.

Ҳ.Раҳмонқулов нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа республикалари учун ҳам илмий кадрлар тайёрлашда катта ҳисса қўшган. Унинг илмий раҳбарлиги остида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжондан 60 дан ортиқ фан номзоди ва 15 дан ортиқ фан доктори тайёрланган.

Бугун академикнинг кўплаб шогирдлари юртимизда ва хорижда нуфузли олим, судья, прокурор, юрисконсульт ва давлат арбоблари сифатида фаолият юритмоқдалар. Улар ўз устозидан нафақат илм, балки инсонийлик, масъулият ва садоқат дарсини ҳам олдилар. Шу жиҳатдан Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов номи унинг шогирдлари орқали ҳали кўп йиллар давомида илмий ва маънавий ҳаётда янграйверади.

Хулоса қилиб айтганда, академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов — илм ва инсонпарварлик уйғунлашган, саҳоватли устоз ва юксак маънавият эгаси сифатида миллий ҳуқуқшунослик тарихида абадий из қолдирди. Унинг 100 йиллиги — бу шонли тарихий сана, бир пайтнинг ўзида эса янги авлод учун ибрат мактаби ҳисобланади. У кишининг ҳаёти ва мероси барчага шундан далолат бермоқда: илм фақат қалбдаги эзгулик билан уйғунлашгандагина халқ ва Ватан манфаатига хизмат қилади.

Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси

 профессори, юридика фанлари доктори.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.