Фермерларга замонавий комбайнлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 февралдаги «2025 йил ҳосили пахта хомашёсини машиналарда териб олишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда пахтачиликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, мазкур қарор талабларига кўра, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги техникаларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, пахтачиликка ихтисослашган кластер ва фермер хўжаликлари учун лизинг асосида 60 дона замонавий пахта териш комбайнлари етказиб бериш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан «Ўзагролизинг» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалида ушбу комбайнларни тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарзда таъкидлаб, республикамизга олиб келинган бу янги комбайнлар нафақат фермерлар учун, балки бутун Қорақалпоғистон халқи учун катта аҳамиятга эга эканлигини ва мустақиллигимизнинг 34 йиллигига муносиб совға бўлганлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Туркия ва Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий комбайнларнинг калитлари фермер хўжаликларига тантанали равишда топширилди.
– Чимбой тумани «Бахтли» овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Қудайберген-Гулдана» фермер хўжалигида механизатор бўлиб ишлайман, – дейди Баҳодир Умаров. Энди ушбу комбайн ёрдамида хўжалигимизда етиштирилган ҳосилни териб олиб, республикамизнинг пахта хирмонига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшамиз, деб халқимизга ваъда берамиз.
Албатта, республикамизга олиб келинаётган бундай янги комбайнлар пахта териш жараёнини анча тезлаштириб, фермерларнинг мушкулини осон қилади. Бу эса, ўз навбатида, фермерларнинг вақтини тежаб, даромадини ошириш ва Қорақалпоғистон иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади деб ишонамиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.