Мактабларда дастлабки дарслар бошланди

Бугун, 2 сентябр куни, мамлакатимизда 2025–2026-ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан бутун Ўзбекистон бўйлаб таълим муассасаларида «Билимлар куни» кенг нишонланмоқда. Нукус шаҳрида ҳам ушбу қутлуғ сана муносиб тарзда тантана қилинди.


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик Ахмед Реймов Нукус шаҳридаги Президент мактабида ўтказилган байрам тадбирида иштирок этди. Тадбирда ёш авлодга илм-фан ва маърифатнинг беқиёс аҳамияти, янги ўқув йилида улар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр билдирилди. Ахмед Реймов ўқувчи-ёшларни замонавий билимларни эгаллаш, она Ватанга содиқ ва комил инсон бўлиб камол топишга чорлади. Шунингдек, у ота-оналар ва устозларни ҳам янги ўқув йили билан табриклаб, уларга муваффақиятлар тилади.

Шу куни И.Юсупов номидаги ижод мактабида ҳам янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Нуриллан Эрлепесов ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Президент мактаблари билан ишлаш бошқармаси бош мутахассиси Жаҳонгир Исмайлов иштирок этиб, ўқувчилар ва педагогларни янги ўқув йили ҳамда Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан табрикладилар.

Тадбирда мактаб директори Р.Ташимов ҳам сўзга чиқиб, ўтган ўқув йилида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди ва янги ўқув йилида барча ўқувчиларга омад ва юқори натижалар тилади.
Шу тариқа Нукус шаҳридаги мактабларда «Билимлар куни» кўтаринки руҳда нишонланиб, янги ўқув йили бошланди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси