«Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Нукус шаҳридаги Ёшлар майдонида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб чиққан спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев иштирок этиб, ёш спортчиларни ҳамда барча иштирокчиларни Мустақиллик байрами билан табриклади.
Ғолиб ва совриндорларга диплом, медал ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Бу мусобақа нафақат ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, балки уларнинг иродаси ва спорт маҳоратларини янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг санъат ва маданият ходимлари иштирокида ёшлар учун гала-концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, нукуслик аҳоли ва меҳмонлар учун салют шоу ва DJ шоу ташкил этилди. Турли ранглар билан ёрқираган салютлар, замонавий мусиқа ва кўтаринки кайфиятда ўтган дастур барча иштирокчилар учун эсда қоларли таассуротлар ҳадя этди.

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари