Президентимизнинг ШҲТ саммитида илгари сурган ташаббуслари глобал аҳамият касб этмоқда

Муносабат
Бугун халқаро экспертлар дунё тараққиёт аталмиш манзилга боришда қандай йўлни танлаётганини аниқ айта олмаяпти. Кимлардир инсоният хавф-хатарлар гирдобида дейди. Яна бошқалар эса ҳамкорлик ва бирдамлик сари қадам қўйиб, барча масалаларни ҳал қилиш лозимлигини таъкидлайди.
Аслида, бу шароитда хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт, экологик барқарорлик ва маънавий яқинлашув барчасидан муҳим. Шундай пайтда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби тузилмаларнинг ташаббуслари муҳим аҳамият касб этади.
ШҲТ жаҳон ҳамжамияти учун муҳим сиёсий ва иқтисодий платформага айланди, десак муболаға бўлмайди. Ташкилотда қабул қилинаётган қарорлар халқаро муносабатларнинг йўналишини белгилаб бериши мумкин.
Ана шундай ҳал қилувчи бир паллада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳридаги саммитда илгари сурган ташаббуслари нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва жаҳон учун катта аҳамият касб этди. Бу ташаббусларнинг баъзиларига қисқача тўхталамиз.
Президент ШҲТ институтлари самарадорлигини ошириш ва уни Глобал Жануб давлатлари ҳисобига кенгайтириш ташаббусини илгари сурди.
Бу нечоғлик муҳим? Чунки замонавий дунёда изоляция эмас, балки кенгайиш ва мулоқот орқали муваффақиятга эришиш мумкин. Глобал Жануб давлатларининг қўшилиши эса ШҲТни халқаро майдонда янада нуфузли, таъсирчан кучга айлантиради.
Яна бир муҳим ташаббус хавфсизлик – умумий манфаат масаласига қаратилганлиги билан долзарб. Яъни ядро хавфсизлиги бўйича декларация қабул қилиш, Ички ишлар вазирлари кенгаши фаолиятини қайта тиклаш, 2030 йилгача гиёҳвандликка қарши кураш дастурини тайёрлаш, “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини фаоллаштиришдир. Президентимизнинг бу ташаббуслари минтақа тинчлиги учун таянчдир. Ядро хавфсизлиги декларацияси – глобал барқарорликка қадамдир.
Давлатимиз раҳбари иқтисодий майдонда янги имкониятлар очадиган ташаббусни ҳам илгари сурди. Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш, Стратегик материаллар бўйича минтақавий марказ, Энергетика консорциуми, Венчур компаниялар ва жамғармалар тармоғи ҳамда Махсус электрон инвестиция порталини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратди.
Зеро, иқтисодий интеграция тараққиётнинг энг асосий калитларидан бири саналади. Бу ташаббуслар орқали ШҲТ давлатлари бизнес муҳитини енгиллаштиради, янги сармоялар оқимини жалб қилади ва минтақанинг иқтисодий қудрати ошади.
Шунингдек, Шимол–Жануб ва Шарқ–Ғарб йўналишларида транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон, бир йўл” ташаббуси билан уйғунлаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ҳеч бир миллат ёки давлат изоляцияда ривожлана олган эмас. Йўллар тараққиёт томонига олиб борувчи кўприк экани бугун кўп бўра исботланди. Ушбу ташаббус минтақани жаҳон логистикасидаги стратегик марказга айлантиради.
Ўзбекистон ушбу саммитда ҳам экология ва технология уйғунлигига алоҳида эътибор қаратди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ШҲТ минтақавий платформасини ишга тушириш ташаббусида яққол намоён бўлди.
Бу ташаббус асримизнинг энг долзарб муаммосига – иқлим ўзгаришига замонавий ечим таклиф қилади. Сунъий интеллект орқали хавфларни олдиндан кўриш, табиат ва инсон уйғунлигини сақлаш имконияти пайдо бўлади.
Инсонларнинг қалбини яқинлаштирмасдан, фақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик орқали муваффақиятга эришиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари халқ ижодиёти халқаро фестивалини ўтказиш, “ШҲТ университети” онлайн кампусини ташкил этиш, талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ҳамда олимпиадалар ўтказиш, шунингдек, “Сайёҳлик йўлаги” ва “Тиббиёт туризми альянси” лойиҳаларини амалга ошириш ташаббусини илгари сурди. Бу таклифлар эса халқлар ўртасидаги маданий бирдамликни кучайтиради, ёшлар учун эса келажак йўлини ёритади.
Саммитнинг энг муҳим натижаси Тошкент шаҳрида доимий фаолият юритадиган орган – ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказини ташкил этиш бўлди. Бунинг ортидан Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам фаолият бошлайди. Демак, Тошкент энди нафақат минтақа, балки бутун ШҲТ маконида хавфсизликнинг асосий таянчига айланади.
Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар ШҲТнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий қиёфасини янги босқичга кўтармоқда. Уларнинг ҳар бирининг ортида келажакни биргаликда барпо этишдек эзгу ғоя мужассам.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси