ШҲТ саммити: Тошкентда ШҲТ Универсал маркази ва Ахборот хавфсизлиги маркази ташкил этилади

93

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ШҲТ саммити давом этмоқда.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилотнинг сиёсий асосларини мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Шунингдек, саммитда қайд этилишича, ҳозирги тўқнашув ва ўзгаришлар шароитида ШҲТ мамлакатлари учун “Шанхай руҳи”га содиқликни намоён қилиш ва ташкилот самарадорлигини ошириш алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун  барча мамлакатлар бирдамликка интилиши зарур  ҳамда ўзаро манфаат ва икки томонлама ғалаба принципларига амал қилиши керак.

Саммитда Хитой Раиси очиқлик ва инклюзивликка содиқликни сақлашнинг зарурлигини ҳам таъкидлади. Хитой барча томонлар билан ҳамкорликда сунъий интеллект (СИ) соҳасида амалий ҳамкорлик марказини ташкил этишга ва ушбу йўналишда эришилган ютуқлар билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари саммит давомида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси асосида Тошкент шаҳрида доимий фаолият юритадиган орган — ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг ҳузурида ШҲТ Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам тузилади. Ушбу қарор хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Шу билан бирга Шимол–Жануб ва Шарқ–Ғарб йўналишларида транспорт-транзит йўлаклари ривожлантирилади,  «ШҲТ ягона транспорт макони» шакллантирилади ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан уйғунлаштирилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Хитой, Тяньцзинь