«Ёшлар маркази» биноси фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллик байрами арафасида Нукус шаҳри «Халқлар дўстлиги» маҳалласидаги «Дўстлик» канали бўйида замонавий «Ёшлар маркази» биноси фойдаланишга топширилди.

Марказ қурилиши ва жиҳозланиши Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги маблағлари ҳисобидан тенг улушларда (50/50) молиялаштирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этади.
Умумий майдони 2 857 кв.м бўлган марказнинг биринчи қаватида «Book cafe», «Заковат» клуби, шашка ва шахмат тўгараклари, чет тиллари, IT ва робототехника йўналишлари бўйича машғулотлар, турли фанлар ҳамда инклюзив касбий таълим тўгараклари, шунингдек, коворкинг маркази жойлашган. Иккинчи қаватда эса ходимлар учун хоналар ва кичик мажлислар зали мавжуд.

Марказ очилиши муносабати билан 29–30 август кунлари Ўзбекистон Шахмат федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимининг 2025-йилги календар режаси доирасида «Нукус ёзи» номли шахмат турнири ташкил этилди.
Мусобақа 7 турдан иборат бўлиб, унда 10 та туман (шаҳар)дан 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 70 нафар иштирокчи — болалар, эркаклар ва аёллар қатнашди. Шунингдек, марказда «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси кубоги» мусобақасининг финал босқичи ҳам ўтказилди. Ғолиб ва совриндорлар медал, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев иштирок этиб, ёшларни қутлади ва янги марказнинг фаолияти уларнинг билим олиши, шахсий салоҳияти ва иқтидорини ривожлантиришда катта имкониятлар яратишини таъкидлади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари