Малайзия компанияси Ўзбекистонда қуруқлик портини қуриш бўйича лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев Mutiara Perlis Sdn Bhd компанияси директорлар кенгашининг ижрочи раиси Шабаруддин Иброҳим билан учрашув ўтказди.
Унда томонлар Ўзбекистонни Жануби-Шарқий Осиё билан боғловчи транспорт йўлакларини такомиллаштириш истиқболлари ҳамда янги йўналишларни очиш имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан, минтақада ташқи савдо айланмасини оширишга сезиларли даражада ҳисса қўшадиган «Қошғар – Торугарт – Макмал – Жалал-обод – Андижон» темир йўли ва Трансафғон автомобил йўли лойиҳаларининг муҳим аҳамияти қайд этилди.
Мамлакатимизнинг транзит салоҳияти ва Малайзия компаниясининг қурилиш соҳасидаги кўп йиллик тажрибасини инобатга олиб, Андижон вилоятида қуруқлик портларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига эътибор қаратилди. Малайзия компанияси вакили Ўзбекистонда бундай лойиҳага қизиқиш билдириб, ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Mutiara Perlis Sdn Bhd компанияси 2018 йилда давлат хусусий шериклик асосида ташкил этилган бўлиб, Малайзия, жумладан Перлис штатида йирик логистика ва энергетика лойиҳаларини амалга оширади.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА