Чорва озуқасини етиштиришда янги ёндашувлар жорий этилмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш, хусусан, чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлашга доир тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани натижасида ҳудудларда соҳанинг иқтисодий салоҳияти кенгаймоқда. Қорақалпоғистонда ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президент ташаббусига асосан чорвачиликни қўллаб-қувватлаш ва унга боғлиқ тармоқларни юксалтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Жорий йилда қабул қилинган ПҚ–57-сонли қарор доирасида Беруний туманида “Beruniy-Agro Star” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур корхона томонидан чорва озуқа захираларини яратиш, бу борада янги аграр лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ташаббуслар ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Беруний туманидаги “Юлдашев Каримбой” фермер хўжалигида амалий ишлар самараси сифатида 11,5 гектар ер майдонида “Юпитер” номли гибрид маккажўхори навини етиштириш ишлари йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа уч томонлама шартнома асосида амалга оширилган бўлиб, деҳқон хўжалиги учун ҳам иқтисодий фойда келтирмоқда. Юқори ҳосилдорликка эга бўлиб, 50 сентнердан ҳосил берган.


Айни пайтда ҳосилни юқори сифатли комбайнлар ёрдамида йиғиб олиш ишлари бошланган. Энг муҳими, қишки мавсум учун чорва озуқанинг асосий манбаи ҳисобланган силос траншеяларда сақланмоқда. Бу эса ҳудуддаги чорвачилик фаолиятини барқарор давом эттиришга замин яратади.
Чорва озуқаси етиштиришга қаратилган бундай лойиҳалар соҳани модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ва аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги