112 ёшли Норжон момога «Шуҳрат» медали топширилди

100

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан бир қатор давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳалар вакиллари юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Президент Фармонига мувофиқ, Беруний туманида яшовчи Норжон момо Зарипова ҳам «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Мукофотни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарход Эрманов тантанали равишда топшириб, онахонни байрам муносабати билан самимий табриклади.

Норжон момо умрини далада оддий ишчи сифатида ўтказиб, пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида катта тажриба орттирган. У самарали меҳнати орқали юртимизда мўл ҳосил етиштиришга муносиб ҳисса қўшган.

1913 йилда туғилган бугунги кунда 112 ёшни қаршилаётган онахон умрининг асосий қисмини қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бағишлади. Ҳозирги кунда Норжон момо юртимизга тинчлик, эл-юртимизга омонлик, ёшларимизга куч-ғайрат тилаб яшамоқда.

Унинг барча умри ҳалол меҳнат ва тарбияга бағишланган. Бугунги кунда онахоннинг 9 фарзанди, 30 набираси, 60 невараси ва 11 эвараси бор. У барча авлодларини ҳамжиҳатликка чорлаб, оила ва жамиятда ибрат намунаси бўлиб келмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги