Иқтидорли ёшлар танлови ғолиблари тақдирланишди

215

Нукусда ёш олимлар ўртасида космик ва ижтимоий соҳадаги технологиялар ҳамда ижтимоий ташаббусларни ривожлантиришга қаратилган “Ёш муҳандис” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади – ўқувчилар ўртасида космик ва ижтимоий технологияларни ривожлантириш, ушбу соҳадаги илмий-техник ютуқларни ижтимоий фойдали ташаббусларда қўллаш имкониятларини ўрганиш, соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш, технологик билим ва кўникмаларни ошириш учун платформа яратиш, ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш ва уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ёш ва баркамол авлод — биз олдимизга мақсад қилган янги давр ва янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси, келажагимиз ва истиқболимиз пойдевори ҳисобланади. Шу боис бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда мактабдан ташқари таълим тизимини ошириш борасида бир қанча тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг мактабдан ташқари таълим соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини  таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳамда  Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби  ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технология вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда ёш олимлар ўртасида мазкур танлов ўтказилди. Унга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлардан 50 та лойиҳа қабул қилинди.

Танлов якунига кўра, лойиҳалар йўналиши бўйича биринчи ўринни  Наманган вилоятидан Нафиса Дилмуродова, иккинчи ўринни  Қорақалпоғистон Республикасидан Азизбек Юлдашов, учинчи ўринни Бухоро вилоятидан Озодбек Рамазоновлар эгаллашди.

Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан сертификатлар, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳамда  Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактаби, шунингдек, ҳомий  ташкилотлар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Довуд Абибуллаев,  Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари