Қайтадан ишга тикланишди

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус ва Чимбой туманлараро судларининг қарорларига биноан, асоссиз равишда ишдан бўшатилган икки нафар тиббиёт ходимини республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалидаги аввалги иш ўринларига қайта ишга тиклаш белгиланган эди.
– Шунга қарамасдан, жавобгар ташкилот томонидан ушбу суд қарорлари ижроси таъминланмаганлиги сабабли даъвогарлар унинг ижросини таъминлаб беришни сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлган, – дейди Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлимининг давлат ижрочиси Даметкен Сейтмуратова. – Бюронинг Нукус шаҳар бўлими ходимлари томонидан дарҳол ижро ҳаракатларига киришилиб, жавобгар ташкилот раҳбарига суд қарори ижросини таъминламаслик қонунда белгиланган жавобгарликга асос бўлиши ҳақида огоҳлантириш берилган.
Натижада асоссиз равишда бўшатилган икки нафар ходим ўзларининг аввалги иш ўринларига қайта тикланишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири