Талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистон тиббиёт институтида 350 ўринли янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда институт жамоаси, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда ушбу институт ректори О.Ҳалимов сўзга чиқиб, ёшлар учун яратилган шароитлар, хусусан, талабаларни турар жой билан таъминлашга қаратилган ишларга тўхталиб, барчани ушбу қувончли воқеа билан табриклади.
Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида талаба-ёшларни қулай яшаш шароитлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу турар жойнинг давлат мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши талаба-ёшлар учун катта совға бўлди.
Бу борадаги саъй-ҳаракатлар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 2030 йилгача қўшимча 150 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш вазифалари билан узвий боғлиқ.
Институтнинг талабалар турар жойини қуриш ва фойдаланишга топшириш – олис ҳудудлардан келган ва кам таъминланган талабалар учун қулай ва хавфсиз таълим муҳитини яратиш, уларнинг ўқишга бўлган имкониятларини кенгайтиришдир. Турар жойда ҳар бир хона 3 ёки 4 талабага мўлжалланган бўлиб, у алоҳида хоналар тизими асосида ташкил этилган.
Секция ичида, алоҳида замонавий ошхона, санузел ва душ кабиналари, юқори сифатли маиший техника ва мебеллар, иситиш-совутиш тизимлари мавжуд.

Таъмирлаш ишларига институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 6 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланди. Талабалар турар жойида яратиладиган қулай шароитлар талабаларнинг таълим олиш жараёнини янада самарали ва мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги