Сенатда аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш масаласига эътибор қаратилди

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида Энергетика вазирлигининг истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳолати муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Электр таъминоти тармоқларини модернизация қилиш, янги энергия қувватларини фойдаланишга топшириш ва истеъмолчиларга электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2024 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 22,5 миллиард кВт соат ёки 38 фоиз кўпни ташкил этган. 2024 йил истеъмолчиларга 2016 йилдагига нисбатан 21,8 миллиард кВт соат ёки 48 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилган.
Шу билан бирга, 2025 йилда паст кучланишли 4 минг 530 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 1 минг 756 трансформатор пунктини янгилаш режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида 5 минг 829 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 1 минг 854 трансформатор пункти янгиланган.
Республикамизда 220-500 кВ қувватга эга 91 кичик станция ва 12,5 минг км электр узатиш тармоғидан самарали фойдаланилмоқда.
Шунингдек, 35-110 кВ қувватли 1 минг 851 кичик станция ва 278,5 минг км тармоқ ҳамда 97,9 мингта трансформатор пункти орқали истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилади.

2021-2024 йилларда электр тармоқларини ривожлантириш доирасида қуввати 110-500 кВ бўлган 1 минг 310 километрлик электр узатиш тармоқлари қурилиб, юқори кучланишли кичик станцияларнинг қуввати 9 минг 348 МВАга оширилди. 38 минг 51 километрлик электр узатиш тармоқлари ва 11 минг 914 трансформатор пункти янгиланиши натижасида 8 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланишига эришилган.
Муҳокама давомида сенаторлар икки босқичли тизимга ўтиш, тежамкор ускуна ва қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда соҳани рақамлаштириш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Мажлис якунида соҳани такомиллаштиришга қаратилган қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА