РФ қўшинлари Днепропетровск ҳудудига киргани тасдиқланди

184

Украина армияси биринчи бор Россия қўшинлари шарқий саноат маркази ҳисобланган Днепропетровск вилояти ҳудудига кириб келганини тасдиқлади. Днeпро тезкор-стратегик қўшинлар гуруҳи вакили Виктор Трегубов BBC мухбирига берган интервьюсида шундай деган:

– Бу Днепропетровск вилояти ҳудудидаги биринчи кенг кўламли ҳужум. Биз қўлимиздан келганча уларни тўхтатяпмиз.

Россия ёз фасли бошидан шу ҳудудга кирганини иддао қилиб келади. Украина манбалари эса руслар атиги икки қишлоқ – Запоризке ва Новогригоривка чегарасига кирган бўлиши мумкинлиги, Бош штаб шу хабарни ҳам рад этиб, жанг давом этаётганини билдиргани ҳақида ёзган.

Маълумки, Днепропетровск урушдан олдин 3 миллион киши яшаган, Донбассдан кейин Украинанинг энг йирик оғир саноат маркази эди. РФ бу вилоятга расман даъво қилмаса-да, ҳудуддаги йирик шаҳарлар, жумладан Днeпро мунтазам равишда ракета ҳужумига дуч келмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, Россия бу заминга кириши Украинага руҳан оғир зарба бериши мумкин.

Трамп– Путин учрашуви асносида дипломатик жараён бироз секинлашгани ҳам эътиборга молик. АҚШ етакчиси яқинда Аляскада рус ҳамкасби билан учрашиб, кейин Вашингтонда Зеленский билан музокара ўтказди. У энди икки етакчини бир даврага чорламоқда.

Бинобарин, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров бошқача баёнот берди:

– Кун тартиби тайёр эмас, ҳеч қандай учрашув режалаштирилмаган!

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас ҳудудларни Москвага бериш бўйича келишувни “тузоқ” деб атади. Зеленский эса Ғарб иттифоқчиларидан урушдан кейинги аниқ хавфсизлик кафолатини талаб қилмоқда. Британия Бош вазири вакиллари Лондон Украинага қўшин юборишга тайёрлигини билдириб, Қироллик ҳарбаийлари фақат урушдан кейинги тинчликни сақлашга хизмат қилишини қўшимча қилди. Германия канцлери Фридрих Мерц эса “Зеленский музокарага тайёр, энди Кремлнинг навбати,” деди.

Украина ҳукумати эркаклар учун белгиланган сафарбарлик чекловини юмшатди. Энди 18-22 ёшли йигитлар мамлакатни эркин тарк этиши ва юртга қайтиб кириши мумкин.

Мусулмон Зиё, ЎзА