Энг кўп экспонатлар Тошкент шаҳридаги музейлар фондида тўпланган

136

Ўзбекистон бой тарихий меросга эга, маданиятлар чорраҳасида жойлашган давлат сифатида кўплаб моддий ва номоддий меросга эга. Ана шу тарихий бойликларни сақлаш, ўрганиш ва келажак авлодларга етказишда музейлар муҳим роль ўйнайди. Сўнгги йилларда мамлакатда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг фондини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларини жорий этиш борасида қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатига республика бўйича музейлардаги асосий фонд экспонатлари сони 2,7 миллион донага етган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 129,2 мингта ёки 5 фоизга кўпдир. Ушбу ўсиш нафақат музейларнинг моддий базаси мустаҳкамланиб бораётганидан, балки маданий меросни асраш ва тарғиб қилишга қаратилган давлат сиёсати самарадорлигидан далолат беради.

Мамлакат ҳудудлари кесимида ҳисобланадиган бўлса, энг кўп экспонатлар Тошкент шаҳридаги музейлар фондида тўпланган бўлиб, уларнинг сони 1 миллион 255 минг 915 донадан ошади. Бу, бир томондан, пойтахтда жойлашган йирик илмий ва маданий муассасалар, шунингдек, марказий давлат архивлари ва институтлар фаолияти билан боғлиқдир.

Шунингдек, Самарқанда вилоятида 239 минг 650 та, Қорақалпоғистон Республикасида 197 минг 506 та, Сурхондарё вилоятида 178 минг 80 та, Фарғона вилоятида 161 минг 403 та ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида 703 минг 411 музей экспонатлари мавжуд. Ушбу юқори кўрсаткич ҳудудлардаги тарихий обидалар ва археологик ёдгорликларнинг кўплигини акс эттиради. Юқоридаги статистик кўрсаткич музейлар фаолиятининг бугунги ҳолати, жараёнлар ва истиқболли йўналишларини чуқур таҳлил қилишга ёрдам беради.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА